Ўзб Рус Eng
Охирги янгиланиш : 25.05.2019



03:23:57 (GMT +5), Яш, 26 Мая 2019

Ўзбекистон Республикаси адлия вазири Русланбек Давлетовнинг қабул қилинаётган қонунлар ҳамда бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг аҳамиятини аҳолига етказиш, қабул қилинаётган қарорларнинг қонунийлигини таъминлаш бўйича Парламент эшитувидаги маърузаси. RSS обуна

Ўзбекистон Республикаси адлия вазири Русланбек Давлетовнинг қабул қилинаётган қонунлар ҳамда бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг аҳамиятини аҳолига етказиш, қабул қилинаётган қарорларнинг қонунийлигини таъминлаш бўйича Парламент эшитувидаги маърузаси.


 2017 йил 29 декабрь

Ассалому алайкум, ҳурматли Спикер,

Ҳурматли депутатлар!

 

Аввало, Янги йил байрами арафасида бу даргоҳда Сизлар билан учрашганимиз учун ўз миннатдорчилигимизни билдиришга рухсат бергайсиз.

Адлия вазирлиги, унинг фаолияти Вазирлар Маҳкамасининг аъзоси сифатида доимо Парламентимизнинг диққат-эътиборида эканлиги бизни албатта қувонтиради ҳамда масъулиятимизни оширади.

Парламентнинг ижро ҳокимияти органлари фаолиятини яхши тушуниши, унинг фаолиятидаги муаммоларни объектив тарзда англаши ва таҳлил қилиши, ислоҳотларни амалга оширишда ушбу икки ҳокимият орасидаги муносабатни соғломлаштиради ва профессионаллаштиради.

Деярли ҳар йили вазирлик фаолиятига доир муҳим ва долзарб масалалар Ҳурматли депуптатларимиз томонидан чуқур танқидий муҳокама этилиб, фаолиятни яхшилашга доир Парламент қарорлари қабул қилиб келинмоқда.Шу ўринда, Адлия вазирлигини мамлакатда ҳуқуқий таъминотни амалга оширувчи Ҳукуматнинг муҳим бўғинига айланишида, бир сўз билан айтадиган бўлсак Ҳукуматнинг ҳуқуқий маслаҳатчиси даражасига эришишида миллий Парламентимизнинг ўрни ниҳоятда юқори эканлигини алоҳида таъкидлаш лозим.

Буларнинг барчаси учун вазирлик жамоаси номидан ҳурматли Спикер ва депутатларимизга самимий миннатдорчилигимизни билдиришга рухсат бергайсиз.

Энди асосий масалага ўтадиган бўлсак, бугунги ахборотим 2 қисмдан иборат:

Рухсатларингиз билан уларга тўхталиб ўтсам.

I. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнингаҳоли ва ижрочиларга етказилиши ҳолати тўғрисида.

Бугунги шиддат билан ўзгараётган замонда турли хил муносабатларнинг ривожланиши ва мураккаблашиши, янгидан-янги товар-алмашинуви, электрон технологияларнинг ҳаётимизга жадал кириб келиши, табиий равишда қонунларнинг ҳам мураккаблашишига олиб келади.

Биз тўғри тушунамизки, оддий инсонлар учун ҳам қонунлар тушунарли ва содда бўлиши лозим ва бунга ўз фаолиятимизда интиламиз, шу билан бирга объектив ҳолат қонунларни биз хоҳлагандай содда қилиш имконини бермайди.

Барча ривожланаётган давлатлар ҳам профессионал қонунлар қабул қилиш амалиётига ўтяпти.

Шунинг учун, қонунларнинг моҳиятини, уларда белгиланган энг керакли, оддий инсонлар учун муҳим бўлган қоидаларни содда ва тушунарли тарзда етказиш долзарблиги ортиб боради.

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев Конституциямиз қабул қилинганлигининг 24 йиллигига бағишланган маросимдаги нутқида янги қабул қилинган қонунлар ва қарорларнинг асосий маъносини аҳолига етказиш бўйича соатдек ишлайдиган самарали механизм яратиш кераклиги таъкидлаб ўтган эдилар.

Шунга кўра, жорий йилда суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар айнан давлат органларида ҳуқуқий таъминот ишларини яхшилаш, юридик хизматни тубдан ислоҳ қилиш, қонун ҳужжатларини кенг аҳоли оммаси ва уни қўлловчи субъектларга етказишдаги муаммоларни бартараф этишдан бошланди.

Жумладан, Юртбошимизнинг қонун ҳужжатларини тарқатиш тизимини тубдан ислоҳ қилиш борасида қабул қилган қарорлари натижасида, ижрочилар ва аҳолини қонун ҳужжатларининг моҳияти ва аҳамияти ҳақидаги ҳуқуқий ахборот билан таъминлашнинг сифатини оширишга, шунингдек, соҳадаги ишларни ташкил этишга принципиал янги ёндашувларни ишлаб чиқишга эришилди.

Энг муҳим жиҳат шундан иборат бўлдики, қонун ҳужжатларини тарқатиш, уларнинг моҳияти ва аҳамиятини ижрочилар ва аҳолига тушунтириш схемаси яратиб берилди.

Бу соҳадаги ислоҳотларни мантиқий давоми сифатида, “Ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди ва соҳадаги кўплаб муаммоларимиз ҳал этилди.

Энг асосийси, ҳар бир вазирлик ва идоранинг бу борадаги вазифаси аниқ кўрсатиб берилди, соҳада ягона мувофиқлаштирувчи орган белгиланди.

Қонуннинг яна бир муҳим жиҳати шундан иборат бўлдики, давлат органларининг ҳуқуқий ахборот фондларини юритиш билан боғлиқ фаолияти тартибга солинди. Илгари давлат органлари ўзига тегишли бўлмаган қонун ҳужжатларининг туркумлаштирилган ҳисобини юритиб келган бўлса, эндиликда фақат ўз соҳа фаолиятига тегишли ҳужжатлар ҳисобини юритиш жорий этилди.

Давлат органлари ва ташкилотларида ҳуқуқий хизматнинг ролини янада ошириш, қонун ҳужжатларини ижрочиларга етиб бориш билан боғлиқ ишларни ташкил қилиш мақсадида юридик хизмат тизими тубдан такомиллаштирилди. Бу соҳани тубдан ислоҳ қилиш бўйича Президент қарори қабул қилинди.

Мазкур қарор юридик хизмат ходимларининг адлия органлари билан келишган ҳолда лавозимга тайинланиши ва лавозимдан озод этилиши, соҳага малакали кадрларни танлаш ҳамда уларни ишончли ҳимоя қилиш имконини берди.

Ушбу қарор билан давлат органи тизимида қонун ҳужжатларини етказиш ва уларни туркумлаштирилган ҳисобини юритиш ишларини таъминлашга юридик хизмат масъул этиб белгиланди.Албатта, бу вазифани нақадар муҳимлиги ва жиддийлиги сабаб, бунга юридик хизмат жавобгар этиб белгиланди.

Соҳада қабул қилинган қонун ҳужжатлари ижроси юзасидан ҳам муайян ишлар амалга оширилди.

Адлия вазирлиги ва ташкилотлар ўртасида қонун ҳужжатларини тезкор тарқатиш мақсадида ҳимояланган алоқа каналлари (VPN) орқали идоралараро электрон ҳамкорлик тизимиишга туширилди.

Бунинг натижасида 2017 йилда қабул қилинган 2 164 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар электрон шаклда ташкилотларга “E-xat” электрон почта тизими орқали уларнинг почта манзилига юборилди.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ижрочиларга етказилиши ҳамда моҳияти ва аҳамиятининг аҳоли ўртасида тушунтирилиши юзасидан Намунавий чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилиб, давлат рўйхатидан ўтказилди. Унинг ижроси доимий назорат қилиб борилмоқда.

Қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг моҳияти ва аҳамиятини аҳоли ҳамда ижрочиларга етказиш ишларини яхшилаш мақсадида 20172018 йилларга мўлжалланган комплекс чора-тадбирлар дастури тасдиқланиб, ижрога қаратилди.

Кодекслар ва қонун ҳужжатлари тўпламлари 79 минг нусхада нашр этилиб, жойларга етказилди.

Бугунги вазият ва шароит қабул қилинган қонун ҳужжатларини аҳоли ва ижрочиларга етказиш фаолиятиниянги ва замонавий усул ва воситалар ёрдамида амалга ошириш лозимлигини ва бу борада Адлия вазирлиги ўзининг янги ёндашувларини ишлаб чиқиб, амалиётга жорий этишини талаб этмоқда. Бунда:

Биринчидан, анъанавий равишда кўп ресурс ва вақт талаб қиладиган тадбирлар, учрашувлар ўтказишни камайтириб, замонавий услубларда иш олиб боришга ўтилмоқда. Чунки, битта аудиторияга бориб, коллеж, лицейдами бошқа ташкилотга бориб қилинадиган тадбирга 100, боринг 200 киши иштирок этади.

Кейин кўп ҳолларда, аудитория худди мажбурлаб бир жойга тўплангандай туюлади.Энг ачинарлиси, тадбирларнинг таъсирчанлиги йўқ.

Шунинг учун, биз мазкур йўналишдаги тадбирлар сонини мақбуллаштиряпмиз.

Иккинчидан, маълумотни етказиш усули сифатида информацион технологиялардан кенг фойдаланиш рағбатлантириляпти.

Бугунга келиб Ўзбекистонда интернет фойдаланувчилари сони 20 миллионга етди, ижтимоий тармоқлардан фойдаланувчилар сони бир йил ичида 5 БАРАВАРГА ОШДИ, демак бу катта аудиторияниБиз учун керакли ҳуқуқий ахборот тарқатиш улкан майдончаси деб баҳолаш мумкин.

Шунинг учун, Биз Фейсбук, Инстаграм, Твиттерда ўз саҳифаларимизга эгамиз, охирги 4 ой давомида ушбу саҳифаларимизга 100 мингданортиқ киши ташриф буюрди, Фейсбук тармоғидаги “Адлия билан мулоқот” саҳифасига 5 минг нафар фуқаро аъзо бўлган ва мазкур саҳифалар бевосита фуқаролар билан мулоқот қилиш платформасига айланиб улгурди, ундан ташқари “Халқ билан мулоқот” гуруҳи ҳам Адлия вазирлиги раҳбарияти томонидан бошқариб бориляпти, бу саҳифа Интернетдаги энг йирик лойиҳалардан бири бўлиб, бугунги кунда 90 МИНГ АЪЗОСИГА ЭГА.

“Телеграм” ахборот дастуридаги “Ҳуқуқий ахборот” канали2 ой олдин ташкил этилди, бугунги кунга келиб – 30 минг аъзога эга, ушбу канал орқали бугунги кунгача 1,200дан ортиқ ҳуқуқий ахборот тарқатилди. Канал аъзоларининг ҳуқуқий тарғибот соҳасидаги фаоллигини ошириш мақсадида турли танловлар эълон қилиниб, ғолиблар муносиб рағбатлантириб бориляпти.

Учинчидан, албатта барча фуқароларимиз интернетдан фойдаланмайди, айниқса қишлоқ жойларда аҳолининг турмуш-тарзи, айниқса куз-қиш мавсумидаги кундалик муаммолари билан овора ва интернетдан фойдаланиш имконини бермайди.

Ҳурматли депутатларимиз республикани барча ҳудудларини хонадонма-хонадон айланиб чиқдилар, Биз ҳам кўриб таҳлил қилиб чиқдик. Дастлабки таҳлиллар натижаси шуни кўрсатмоқдаки, жойлардаги аҳолини ҳуқуқий маданияти даражаси, қонунларни тушуниш қобилиятини шакллантиришда жиддий камчиликлар борлигига гувоҳ бўлдик.

Охирги йилларда нафақат ҳуқуқий маданиятни оширишга эриша олмадик, балки бу борада аниқ негатив тенденция яққол кўзга ташланади.

Кўплаб фуқароларимиздаги боқимандалик кайфияти, меҳнатга муносабатнинг сустлашганлиги, бир томондан бу жараёнга ўз таъсирини кўрсатган бўлса, иккинчи томондан судлар, бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларидаги сансалорликлар пенсия билан боғлиқ тушунмовчилик (масалан, пенсия бир пайтлари нотўғри ҳисобланган деб, пенсиядан пулни чегириб қолиш, жуда катта норозичиликларни келтириб чиқарган) уларнинг барчаси қаттиқ салбий таъсир ўтказган.

Шунинг учун, реал ҳолатдан келиб чиқиб, ҳудудларда шундай ёндашув қиляпмизки, яъни муаммодан келиб чиқиб, тегишли ҳуқуқий ахборотни шакллантиряпмиз.

Масалан, Президентнинг Виртуал қабулхонасига келаётган мурожаатлар таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, фуқароларни биринчи навбатда уй-жой, моддий ёрдам, ишга жойлашиш, коммунал хизмати ва соғлиқни сақлаш масалалари кўп ташвишга солмоқда.

Биргина уй-жой масаласида 199 мингдан ортиқ, меҳнат муносабатлари масаласида эса 121 мингдан ортиқ, коммунал масалада 110 мингдан ортиқ мурожаатлар келиб тушган. Шунинг учун, ҳуқуқий ахборотнинг ҳам айнан шу мавзуларда етказилиши йўлга қўйиляпти.

Шунингдек, бугунги жамиятимиздаги долзарб масалалар, яъни никоҳ муносабатлари, тўйларни ихчамлаштириш бўйича маълумотлар тарқатилмоқда.

Маълумотни етказиш шакли эса брошюра, флайерлар кўринишида бўляпти.

Талабга асосан нотариат ҳаракатларини маҳаллаларга чиқиб кўрсатиш йўлга қўйилди.

Президентимизнинг Конституция кунидаги топшириқларидан келиб чиққан ҳолда, Ҳукумат қарори билан тасдиқланадиган “йўл харитаси”лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда. Унда асосий урғу ҳуқуқий тарғиботнинг замонавий шаклларига қаратилмоқда.

Тўртинчидан,қабул қилинган қонун ҳужжатларининг, уларга киритилган ўзгартиришларнинг моҳияти ва аҳамиятини ижрочиларга ва аҳолига ўз вақтида етказиш мақсадида ҳужжат қабул қилинган куниёқ босма ва электрон оммавий ахборот воситаларида ҳам эълон қилмоқдамиз ва мунтазам жойлаштириб бормоқдамиз (226 та материал) .

Бешинчидан, “Фуқароларга маслаҳат (www.citizensadvice.org.uk)” лойиҳасини Буюк Британия билан бирга амалга оширяпмиз.Мазкур лойиҳада барча ҳаётий ҳолатларда ҳуқуқий ечим таклиф этилади ва давлат хизматлари кўрсатиш электрон тизими билан боғланади.

Олтинчидан, қонун ижодкорлиги фаолиятига аҳолининг кенг қатламини жалб қилиш мақсадида “Telegram” мессенджеридаги “Huquqiy axborot” каналида махсус “Qonunchilikka taklif” боти ишга туширилди. Мазкур бот орқали 550 та таклифлар келиб тушди.

Мазкур лойиҳа муҳтарам Президентимизнинг “... қонунларнинг бевосита ижодкори халқ бўлиши керак” деган сўзларинингамалда тадбиқ этилиш кўринишидир .

Еттинчидан, бугунги кунда барча жабҳаларда ахборот-коммуникация технологиялари ва интернетнинг шиддат билан ривожланиб бораётгани барчамизга маълум. Бу борада ҳам ҳуқуқий ахборотни интернет тармоғи орқали етказиб бериш амалиёти кенг йўлга қўйилди.

Интернет тармоғида Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари маълумотларининг миллий базаси – “LexUZ”нинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг расмий манбалари қаторига киритилгани аҳолига ҳуқуқий ахборот етказиб бериш борасидаги ишларни янада жонлантирди.

Ҳозирда Миллий базада ўзбек ва рус тилларида 43 мингдан ортиқ ҳужжат жамланган бўлиб, унданбир кунда13 минг нафардан ортиқ шахслар бепул фойдаланмоқда.

Миллий базанинг янги такомиллаштирилган версияси яратилиб, унда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг расмий нусхаларини Миллий базага киритиш ва уларни эълон қилиш бўлимларининг қўшилиши назарда тутилган.Қидирув механизми ва шакли оптималлаштирилиб, сайтнинг дизайни ва жозибадорлиги янада оширилди, мобил версияси эса такомиллаштирилди.

Миллий базада эълон қилинадиган ҳужжатларнинг лотин графикасидаги версияси ҳамда чет эл инвесторларини жалб қилиш ва уларга қулайлик яратиш мақсадида энг кўп талаб қилинадиган қонунҳужжатлари матнларининг инглиз тилидаги версиялари жойлаштириб борилиши режалаштирилди. Бунинг учун, қонун ҳужжатларнинг рўйхати шакллантирилди.

Саккизинчидан, Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат соҳасида давлат органлари ишларини мувофиқлаштириш бўйича қатор ишлар амалга оширилди.

Адлия органлари раҳбарлигида Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўйича давлат органлари ишларини мувофиқлаштириш бўйича Идоралараро кенгашнинг ҳудудий комиссиялари ташкил этилди.

Уларнинг ташкилий йиғилишлари ўтказилиб, 2017 йил учун иш режаси тасдиқланди.Ҳар бир Кенгаш аъзолари – вазирликлардан ўз соҳасидаги мавжуд муаммо ва талаблардан келиб чиқиб, тегишли ахборотлар тайёрланишини талаб этмоқдамиз.

Давлат бошқаруви органлари масъул ходимларининг масъулияти ва ижтимоий фаоллигини янада ошириш мақсадида ҳуқуқий тарғибот соҳасига масъул 19 053 нафар ходимларнинг рўйхати шакллантирилиб, улар иштирокида ўқув семинарлар ўтказилди ва 7 385 нафар ходимлар ўқитилди.

Тасдиқланган намунавий режа асосида, давлат органлари томонидан қабул қилинган қонун ҳужжатларининг моҳияти ва аҳамиятини аҳолига тушунтириш бўйича 700 мингдан ортиқ ҳуқуқий тарғибот тадбирлари ўтказилиб, уларда 17 миллионга яқин аҳоли қамраб олинди.

Идоралараро кенгашнинг қарори билан янги қабул қилинган қонун ҳужжатлари асосида кодексларга шарҳ тайёрлаш бўйича ишчи гуруҳи шакллантирилди. Ҳозирги кунда ушбу ишчи гуруҳ томонидан 16 та кодекснинг 12 тасига шарҳлар тайёрланди. Жиноят, Меҳнат, Жиноят ижроия кодексларига тайёрланган шарҳлар чоп этилди.

Таҳлиллар, Идоралараро кенгашнинг фаолиятида ҳам бир қатор муаммолар мавжудлигини кўрсатмоқда. Кенгаш томонидан давлат органларининг ҳуқуқий тарғибот соҳасидаги фаолияти устидан таъсирчан назорат ўрнатилмаган. Давлат органлари томонидан тарғибот тадбирларининг эскича форматда олиб борилаётганлиги, янгилик
механизмлардан фойдаланиш амалиётининг умуман йўқлигини бунга мисол қилиб келтириш мумкин.

Шу каби муаммолардан келиб чиқиб, Идоралараро кенгашнинг фаолиятини янада жонлантириш, унинг самарадорлигини қайта кўриб чиқиш талаб этилади.

Юқорида ҳам айтиб ўтдик: уй-жой, қурилиш, меҳнат ва коммунал соҳада минглаб муаммоларимиз мавжуд. Буларнинг барчаси тегишли органларниннг диққат марказида бўлади. Бунинг учун, “манзилли тарғибот” лойиҳасини амалга оширамиз, у орқали фуқароларнинг ёши, ижтимоий ҳолати, фаолият тури ва бошқа қатламларга бўлиб, тарғибот тадбирларини ташкил қиламиз.

Битта кичик хулосаёки таклиф ўрнида қайд этиш лозимки, ҳуқуқий ахборотни инсонлар учун қулай бўлган вақтда ва кўринишда етказиш керак, бу биринчи навбатдан вақт нуқтаи назаридан алоҳида аҳамиятга эга, Биз хоҳлаган вақтда эмас, у хоҳлаган вақтда маълумотни олиб билиши керак. Адлия вазирлигининг энг асосий вазифаси бу имкониятни аҳолига таъминлаб беришдан иборатдир.

 

2. Рухсатингиз билан маърузамнинг иккинчи қисми — қабул қилинаётган қарорларнинг қонунийлигини таъминлаш масаласига тўхталмоқчиман.

Бу соҳада ҳам жуда кўп ишлар амалга оширилди.

Авваламбор, Қабул қилинаётган қарорларнинг қонунийигини таъминлаш-да юридик хизматлар роли ва масъулиятини оширишга устувор йўналиш сифатида қарамоқдамиз.

Албатта, ҳар бир давлат органида қонунийликни таъминлаш ва мустаҳкамлаш ташкилот юридик хизматининг биринчи галдаги вазифаси ҳисобланади.

Бу борада юридик хизматнинг мустақиллигини таъминлаш, унинг ҳуқуқий ҳимоясини мустаҳкамлаш, унга зурур қулай шароитлар яратиш юзасидан 1 йилнинг ўзида 11 та қонун ҳужжатлари қабул қилинди.

Ушбу соҳадаги муаммо ва камчиликларни умумлаштириб, чуқур таҳлил қилгандан кейин Президентимиз қарори билан юридик хизмат фаолиятини тубдан такомиллаштириш бўйича 2017 йил 1 майда қарор қабул қилинди.

Ҳуқуқшунослар ишини рағбатлантириш, мажбурий тартибда юридик хизмат ташкил этилиши булгиланда, уларга мартаба даражаси бериш билан бир қаторда, ҳар бир юристнинг адлия органлари билан келишилганидан сўнг ишга қабул қилиш тизими жорий этилди. Албатта, бу ташкилотларни малакали юристлар билан таъминлаш ҳамда ҳуқуқий ҳужжатларни сифатли ишлаб чиқишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Жумладан, жорий йилнинг ўтган даври давомида610 нафар юридик хизмат ходимлари лавозимга тайинлаш ва 204 нафарини лавозимдан озод этиш учун келишилди.

Юридик хизмат лавозимига биринчи марта тайинланган 155 нафар ходимлар адлия органларида стажировкадан ўтказилди. 718 нафар юридик хизмат ходимининг малакаси оширилди ва 870 таси аттестациядан ўтказилди.

Бироқ, номзодлар орасида юридик хизмат ходими лавозимига нолойиқ бўлган номзодлар ҳам кўп учрамоқда.

Жумладан, Марказий банкнинг Юридик бошқармаси бўлим бошлиғи (Иминов Фаррух Кобулович)бир неча йил давомида мазкур лавозимда ишлаб келганлигига қарамасдан аттестациядан ўтмаган деб топилган.

Шунингдек, “Ўзэлтехсаноат” акциядорлик компаниясининг Юридик бўлим бошлиғи лавозимига тавсия этилган 1 нафар, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси юрисконсульти лавозимига тавсия этилган 3 нафар номзодлар келишувдан ўтмаган деб топилган.

Ишлаб чиқилаётган лойиҳаларнинг қонун ҳужжатларига мувофиқлигини таъминлаш, вазирлик ва идораларнинг масъулиятини ошириш мақсадида вазирлик томонидан уларнинг фаолияти тизимли ўрганиб борилмоқда.

Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида қонун ижодокорлиги соҳасига тўхталаркан “... ҳуқуқни қўллаш амалиётига таъсир кўрсатмайдиган, ижро механизмларига эга бўлмаган, “ўлик” қонунлар қабул қилинаётганлигини қаттиқ танқид қилдилар.

Вазирлик келгусида бу масалага жиддий эътибор беради ва Парламентимизга сифатсиз қонун лойиҳалари киритилмаслиги бўйича барча чораларни кўради.

Таъкидлаш жоизки, вазирлик ва идоралар томонидан тақдим этилаётган лойиҳаларда такрорланаётган хато-камчиликлар миқдори камаймаяпти, натижада ҳужжатни экспертизадан ўтказиш қийинлашиб, ушбу жараён кўпроқ вақт ва эътибор талаб қилмоқда.

Шу мақсадда, Адлия вазирлиги томонидан ҳам мазкур танқиддан келиб чиқиб, вазирлик ва идораларнинг қонун лойиҳаларини ишлаб чиқишдаги фаолияти устидан алоҳида назорат ўрнатиш чоралари кўрилмоқда.

Ҳаммага маълумки, бугун юридик кадрларга бўлган эҳтиёж жуда ҳам юқори. Президентимизнинг Парламентга мурожаатномасида ҳам олий таълим муассасаларига қабул квоталарда ҳуқуқшунослар атиги 1 фоизни ташкил этаётганлигини қайд этдилар. Бу таълимдаги бизнинг камчилигимиз, профессионал фаолиятда эса ундан ҳам қийинроқ ҳолатдир.

Республика бўйича юрист лавозимларининг 32 фоизи вакант бўлиб қолмоқда, бу дегани қарийб 1,5 минг юрист дегани. Бу фақат давлат ташкилотларидаги юристлар ҳақидаги гап кетяпти. Энди фараз қилайлик, ушбу лавозимларда малакали, билимли ҳуқуқшунослар ишласа, республикада қонунийликни таъминлашга қандай катта туртки бўлар эди.

Адлия вазирлигининг ўзида ҳам бу муаммо йўқ эмас, Адлия тизимида тарбия олган билимли ва тажрибали мутахассислар асосан юқори турувчи оганларга ишга қабул қилинмоқда. Охирги бир йилнинг ичида Адлия вазирлигидан 82 нафар кадр бошқа ишларга ўтди, барча ходимлар юқори малакали тажрибали ходимлар. Шунингдек, бугунги кунда депутатлик мажбуриятларини 11 нафар адлиядан чиққан ҳамкасбларимиз бажариб келмоқда.

Ушбу ҳолат ҳамда иш ҳажмининг сезиларли ошгани қонун ҳужжатлари лойиҳалари сифатига жиддий таъсир қилмоқда.

2017 йилда 2016 йилга нисбатан Адлия вазирлиги томонидан 2 БАРАВАР кўп ҳужжатларнинг экспертизаси таъминланди, бевосита вазирлик томонидан 2016 йилга нисбатан қарийб 2 БАРАВАР кўп ҳужжатлар ишлаб чиқилди.

Қонунийликни таъминлашда ҳуқуқни қўллашнинг ягона амалиётиниинг шаклланиши катта аҳамиятга эга. Ушбу соҳада ҳам муаммолар бартараф этилмаяпти. Жумладан, ҳуқуқни қўллаш амалиёти ва унинг бир хиллигини таъминлашнинг таъсирчан чораларини ишлаб чиқиш бўйича тизимли таҳлил қилишда, қонунларни қўллашда субъективлик, тор идоравий, танловли ёндашувга чек қўйишда адлия органларининг роли қониқарсиз аҳволда қолмоқда.

Бу аввало, бугун биз учун ўта муҳим бўлган инвесторларни Ўзбекистонга жалб этишда энг асосий омиллардан ҳисобланади. Инвестор биринчи навбатда, қонунчилик барқарорлигига эътибор берса, яъни давлат ўз қонун-қоидаларини барқарор сақлаши, унга ўзгартиришларни кескин камайтириши лозим. Чунки, инвестор олдиндан кўп йилларга ўз фаолиятини прогноз қилади, инвестиция қиладиган давлатидаги қонун стабиллиги у учун муҳим. Ҳудди шундай, иккинчи яна бир муҳим йўналиш қонунлар қай тарзда амалиётда қўлланилишида бир хиллик, селектив ёндашувнинг йўқлиги инвесторлар ўз сармояларига кафолатни таъминлайди.

Шу мақсадда, ҳуқуқни қўллаш амалиётининг тизимли ва танқидий таҳлилини олиб боришда адлия органлари ролини ошириш, бунинг учун Адлия вазирлиги тузилмасида Давлат бошқаруви тизимининг самарадорлигини таҳлил қилиш ҳамда Ижтимоий-иқтисодий соҳада ҳуқуқни қўллаш амалиётини таҳлил қилиш бошқармаларини ташкил қилиш масаласини кўриб чиқиш лозим бўлади.

Яна бир муаммо шундаки, аксарият вазирлик ва идоралар томонидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлашда уларнинг ижтимоий муносабатларга таъсири баҳоланмасдан келинмоқда. Оқибатда, қабул қилинаётган ҳужжатлар ижросиз қолиб кетмоқда, қатор қонун бузилиши ҳолатлари келиб чиқмоқда.

Бунинг олдини олиш мақсадида, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг жамиятдаги мавжуд ижтимоий муносабатларга таъсирини белгилаш мақсадида қабул қилинаётган қарорлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг тартибга солиш таъсирини таҳлил қилишнинг стандартлаштирилган методологиясини жорий этишни кўзда тутяпмиз.

Шу ўринда, яна бир муаммоли масалага эътиборингизни қаратмоқчиман.

Сизларга маълумки, Адлия вазирлиги томонидан идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳуқуқий экспертиза ва давлат рўйхатидан ўтказилади.

Адлия вазирлигига 2017 йилда давлат рўйхатидан ўтказиш учун вазирлик ва идоралар томонидан 577 та (2016 йил давомида 399 та) ҳужжат тақдим этилган, бевосита Адлия вазирлиги томонидан 40 та ҳужжат ишлаб чиқилган. Шулардан, 469 та ҳужжат давлат рўйхатидан ўтказилган, 95 таси қонун ҳужжатларига зид бўлганлиги сабабли давлат рўйхатидан ўтказиш рад этилган.

Адлия вазирлиги томонидан норма ижодкорлиги соҳасидаги камчиликларни бартараф этиш юзасидан вазирлик ва идораларга 108 та тақдимнома киритилган.

Минг афсус, айрим вазирлик ва идоралар томонидан киритилган тақдимномалар асосида ўзларининг идоравий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишда масъулиятсизликка йўл қўйилмоқда. Жумладан, 176 та ҳужжатларни қайта кўриб чиқиш таъминланмаган.

Оқибатда, охирги 2 ойнинг ўзида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 3 нафар, Саноатгеоконтехназорат” давлат инспекциясининг 2 нафар, Давлат божхона қўмитаси, Давлат рақобат қўмитаси, “Ўзстандарт” агентлиги ҳамда “Ўзбеккино” миллий агентлигининг 1 нафардан мансабдор шахслари, жами 9 нафар шахсларнинг маъмурий жавобгарликка тортилиши таъминланди.

Энг ачинарлиси, вазирлик ва идоралар томонидан умуммажбурий тусга эга бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни давлат рўйхатидан ўтказмасдан қабул қилиш амалиёти ҳамон давом этмоқда.

Бу салбий ҳолатларни олдини олиш бўйича қатор чораларни кўрдик. Ҳатто, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга тегишли қўшимчалар киритилиб, бундай ҳолатлар юзасидан жавобгарлик ҳам белгиланди. Лекин айрим раҳбарлар бундан хулоса қилишмаяпти.

Жумладан, 2017 йилда бундай ҳуқуқбузарликлар учун 5 нафар (2016 йил давомида 2 та) мансабдор шахсларига нисбатан судлар томонидан маъмурий жазо чоралари қўлланилди (шундан, 4 таси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ходимлари).

Ҳурматли депутатлар,

Маърузада кўтарилган иккита масала ҳам мамлакатимиз тараққиёти учун ўта муҳим ҳисобланади.

Биз бу масалаларни муваффақиятли бажарилишини Парламентсиз тасаввур қилолмаймиз.

Шундай экан олдимизда турган улкан вазифаларни рўёбга чиқаришга қаратилган ишларни биргаликда бажаришга бел боғлашимиз керак.

Бунда Сизларга мустаҳкам соғлик, тинчлик ва омонлик тилайман!

 

Эътиборингиз учун раҳмат!