Ўзб Рус Eng
Охирги янгиланиш : 25.05.2019



03:16:44 (GMT +5), Яш, 26 Мая 2019

Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 25 йиллигига бағишланган тадбирдаги табрик сўзи RSS обуна

Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 25 йиллигига бағишланган тадбирдаги табрик сўзи



Ассалому - алайкум ҳурматли ҳамкасблар !

Яна бир неча кундан сўнг халқимиз энг улуғ, энг азиз байрам мустақилликнинг 25 йиллик санасини катта шодиёна билан тантана қилади.

Фурсатдан фойдаланиб, барчангизни вазирлик раҳбарияти номидан улуғ байрам билан самимий муборакбод этаман.

Бундан роппа - роса 25 йил аввал, халқимизнинг хоҳиш - иродаси, куч - қудрати, меҳнати эвазига жаҳонда янги, ўз кучи ва салоҳиятига таянган, тараққиёт йўлидан барқарор суръатлар билан ривожланиб бораётган мустақил Ўзбекистон давлати пайдо бўлди.

Муҳтарам Президентимиз таъбири билан айтганда, биз юртимизда янги ҳаёт барпо этишнинг биринчи кунларидан бошлаб ҳақиқий эркинлик ва истиқлолга эришиш - бу фақат мустақилликни қўлга киритиш эмас, балки уни ҳам сиёсий, ҳам иқтисодий жиҳатдан қуриш ва мустаҳкамлаш, халқаро ҳамжамиятда ўзимизга муносиб ўрин эгаллашдан иборат эканини англаб олдик.

Давримизнинг ўзи Президентимиз томонидан ишлаб чиқилган ўтиш даври тамойилларининг, танланган тараққиёт йўли ва олиб борилаётган оқилона ҳамда одилона сиёсатнинг ҳеч қандай муқобили йўқлигини очиқ-ойдин кўрсатиб бермоқда.

Қўлга киритилган муваффақиятларни ҳар куни оммавий ахборот воситалари орқали кўриб, эшитиб турибмиз. Бу ҳақда қанча гаприсак шунча кам, албатта.

Бу муваффақиятларга муҳтарам Президентимиз томонидан ишлаб чиқилган ва халқаро майдонда кенг эътироф этилган тараққиётнинг “ўзбек модели”ни босқичма - босқич ҳаётга татбиқ этиш натижасида эришилмоқда.

Сўзимизнинг исботи сифатида яқинда Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида ўтказилган ёзги Олимпиада ўйинларида спортчиларимиз эришган улкан ғалаба мустақиллик байрамини зўр тантана сифатида нишонлаш арафасида турган халқимизга кўтаринки кайфият бахш этди. Дарҳақиқат, тўрт йилликнинг энг нуфузли мусобақасида вакилларимиз 
4 та олтин, 2 та кумуш, 7 та бронза медални қўлга киритиб, Мустақиллигимизнинг 
25 йиллиги байрамига ажойиб совға ҳозирлашди.

Президентимизнинг “Ҳеч бир нарса мамлакатни спорт каби тезда дунёга машҳур қила олмайди”, деган сўзи яна бир бор ўз тасдиғини топди.

Юртбошимизнинг бевосита раҳбарлигида Ўзбекистонда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш борасидаги ислоҳотлар юртимизда тинчлик ҳамда хавфсизликни ва фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ эркинликларини таъминлашга қаратилди.

Давлат ҳокимияти ва бошқарувини демократлаштириш, суд - ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш, фуқаролик жамияти институтларини ва сайлов тизимини шакллантириш бўйича аниқ дастурли вазифалар амалга оширилди.

Қонунларни инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро нормалар ва андозаларга мувофиқлаштириш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қиладиган муассасаларнинг яхлит тизимини барпо этиш механизми яратилди.

Ўтган йиллар давомида 7 та конституцивий қонун, 16 та кодекс ва 700 дан ортиқ қонун қабул қилинди. Бундан ташқари, инсон ҳуқуқлари бўйича 70 дан ортиқ халқаро шартнома, шу жумладан, БМТнинг 10 та асосий ҳужжати ратификация қилинди.

Конституциявий нормаларни ҳаётга жорий этиш юзасидан сайлов, сиёсий партиялар, нодавлат ва диний ташкилотлар, оммавий ахборот воситалари фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган бир қатор янги қонунлар қабул қилинди.

Суд тизими ихтисослашуви ва мустақиллиги ривожланди. Айниқса, дастлабки тергов босқичида суд назоратини кучайтириш, суд ишининг барча босқичларида ўзаро тортишув бўлишини таъминлашга эришилди.

Соҳа ислоҳотлари ривожида жиноий жазо сиёсатини либераллаштиришга ҳам алоҳида аҳамият қаратилди. Бунда инсон ҳуқуқларини муҳофаза этиш, унинг манфаатларини таъминлаш мақсадида, суд жараёнига ярашув институти жорий этилди.

Миллий армиямиз фаолияти, Ўзбекистон манфаатлари, конституциявий тузуми, суверенитети, ҳудудий яхлитлиги ва чегараларимиз дахлсизлигини ҳимоя қилишга қаратилган.

Юртимизда амалга оширилаётган суд - ҳуқуқ тизимидаги ислоҳот ва янгиланишларда адлия органлари ҳамда муассасалари ходимларининг ҳам алоҳида ўрни борлигини қайд этиш ўринлидир.

Адлия органлари фаолиятини ҳар томонлама такомиллаштириш масаласи давлатимизнинг доимий эътиборида бўлгани учун ҳам ўтган йиллар мобайнида бу борада кўплаб муҳим фармон ва қарорлар қабул қилинди. Бу эса қонунчиликни такомиллаштириш, идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ҳамда юридик шахсларни давлат рўйхатидан ўтказиш, тадбиркорлик субъектларини, хорижий инвестицияларни, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, шартномавий-ҳуқуқий ишларни тартибга солиш, аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, нотариат, адвокатура ва ФҲДЁ органлари фаолиятини ҳар томонлама ривожлантириш имконини берди.

Адлия вазирлиги тизимига кирувчи муассасалар фаолияти ҳам суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларни чуқурлаштиришга хизмат қилмоқда.

Айниқса, ўтган йили тадбиркорлик ривожи йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш мақсадида вазирлигимизнинг қонун ижодкорлиги жараёнида манфаатдор идоралар билан ҳамкорликда 40 дан ортиқ қонунга тузатишлар киритилгани юртимиз ишбилармонлари учун янги истиқболларни очиб берди.

Қишлоқ хўжалиги ишларида адлия органлари ходимларининг фермерларга кўрсатаётган амалий ёрдамини ҳам эътироф этмасдан бўлмайди. Мамлакатимизда улкан ғалла ва пахта ҳосилини йиғиштириб олишда ходимларимизнинг меҳнати салмоқли бўлмоқда.

Мустақилликнинг 25 йиллиги муносабати билан, Давлатимизнинг мудофаа қудратини янада юксалтириш, миллий хавфсизликни таъминлаш, ёшларни миллий истиқлол ғояси ва она - Ватанга садоқат руҳида тарбиялаш ишига қўшаётган катта ҳиссаси ҳамда ижтимоий - сиёсий ҳаётдаги фаол иштироки учун 9 нафар ходимларимизнинг юксак давлат мукофотлари билан тақдирланганлиги юқоридаги фикримизни тасдиқлайди.

Вазирлик раҳбарияти ўз ишига фидойи, масъулиятли ходимларни рағбатлантириш, ижтимоий жиҳатдан қўллаб - қувватлаш, қулай иш шароитлари яратиш борасидаги тадбирларни ўзининг энг муҳим вазифаларидан бири деб ҳисоблайди.

Шундай экан, барчамиз ҳуқуқий фаоллигимиз ва масъулиятимизни янада оширишни олдимизда турган энг муҳим вазифалардан бири сифатида қабул қилишимиз лозим.

Тизимда фидокорона меҳнат қилган, адлия органининг масъулиятли ва шарафли меҳнатини ўз фаолиятида намоён этаётган барча ходимларимизга шундай улуғ байрам арафасида ўз номимдан ташаккур билдираман.

Дарҳақиқат, Ўзбекистондек гўзал бир диёрда туғилиш ва яшаш бахти ҳар кимга ҳам насиб қилавермайди. Шундай экан, унинг қадрига етиб, юрт тинчлиги, Ватан равнақи учун фидоийлик кўрсатиш, биз қонун ижодкорларининг ҳам бош мақсадимиз бўлмоғи лозим.

Мамлакатимиз раҳбари ва халқимизнинг адлия органлари фаолиятига билдираётган юксак ишончини оқлаш учун бор салоҳият, мавжуд имконият, билим ва иқтидоримизни тўлиқ ишга солишимиз, қонун ижодкор деган юксак номнинг нуфузини бунданда оширишга хизмат қилади.

Ҳурматли ҳамкасблар !

Бу йилги байрам тантаналари “Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним!” деган бош ғоя асосида нишонланаётгани истиқлол йилларида Ватанимизнинг дунёда ўхшаши бўлмаган бетакрор юртга айланганини, ҳар қайси фуқаронинг қалбида эртанги кунга бўлган ишонч, гўзал диёрга бўлган жонфидоликтуйғулари мустаҳкам ўрин олганини ҳис этиш мумкин.

Сир эмас, ҳозирда кун сайин дунёдаги геосиёсий жараёнлар жиддий тус олмоқда. Баъзи мамлакатлар, халқлар йирик давлатлар ўртасида тобора авж олиб бораётган қарама-қаршиликнинг маълум маънодаги қурбонига айланмоқда. Айни пайтда ер юзининг барча минтақаларида терроризм, экстремизм каби хавф-хатарлар кучайиб бормоқда.

Бундай шароитда барчамизнинг зиммамизда мамлакатимизнинг хавфсизлиги ва барқарорлигини таъминлаш, шу муқаддас заминда ҳукм сураётган тинч - осойишта ҳаётни сақлаш каби масъулиятли ва кенг кўламли вазифалар турибди.

Шубҳасиз, халқимизнинг, ҳуқуқшуносларимизнинг сиёсий етуклиги, юртимизда ва дунёда юз бераётган воқеа - ҳодисаларга нисбатан фуқаролик масъулияти ошиб бораяпти.

Эришилган ютуқлардан фахрланиш фуқароларимизда келажакка масъулият билан бирга, Ватан тақдирига дахлдорлик, уни асраб - авайлаш туйғусини ҳам шакллантирмоқда. Бу эса, барчамизни муқаддас Ватанимизнинг фаровонлиги, тинчлиги ва осойишталиги ҳамда ҳар томонлама юксалиши йўлида самарали фаолият кўрсатишга ундайди.

Сизни ва яқинларингизни истиқлолимизнинг қутлуғ тўйи билан яна бир бор табриклайман. Барчангизга сиҳат - саломатлик, куч–қувват ва омад, хонадонларингизга файзу - барака тилайман.

Мустақиллик қадри боқий, байрам шукуҳи файзли, истиқлолимиз нурафшон бўлсин!

Эътиборингиз учун раҳмат!

Тошкент шаҳри,

2016 йил 30 август.