Ўзб Рус
Охирги янгиланиш : 19.11.2018



17:30:03 (GMT +5), Дш, 19 ноя 2018

Клуб ҳақида

Адлия талабалар клуби: профессионал юридик фаолият сари

 

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги мамлакатимизда ёшлар билан мулоқот кўламини кенгайтириш, айниқса таълимнинг “юриспруденция” йўналиши бўйича бўлажак юридик кадрларга вазирликнинг профессионал иш тажрибаси ва услубини ўргатиш, юридик таълимни бевосита юридик амалиёт билан уйғунлигини таъминлаш ҳамда салоҳиятли, ватанпарвар юридик кадрларни адлия органлари ва муассасаларида муносиб иш билан таъминлаш мақсадида 2018 йил 28 март кунидан “Адлия” талабалар клуби ташкил этилди ва ўз фаолиятини олиб бормоқда.

“Адлия” клубининг асосий мақсади сифатида юқори малакали юридик кадрларни тайёрлашда Адлия вазирлиги билан юридик таълим муассасаларининг ўзаро ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, талабаларнинг назарий билимини ҳуқуқни қўллаш амалиёти билан уйғунлигини таъминлаш ҳамда талабаларнинг юридик фаолият бўйича иш ўрганишларини ташкил этишдан иборатдир.

Бугунги кунда Тошкент давлат юридик университетининг 2-4 курс иқтидорли ва фаол талабалари клуб аъзоси сифатида ўқишдан бўш вақтларида Адлия вазирлиги тизими ва муассасаларида, хусусан вазирликнинг марказий аппарати, Адлия вазирлиги ҳузуридаги Х. Сулаймонова номидаги Республика суд экспертиза маркази, Давлат хизматлари агентлиги, Тошкент шаҳар адлия бошқармаси ҳамда жойлардаги нотариат идораларида касбий амалиёт ўтаб келмоқда.

Талабалар клубда аъзолик даврида вазирлик тизимида ишлаш кўникмаларига эга бўладилар, ўзларини қизиқтирган ҳуқуқий масалалар, норма ижодкорлиги фаолияти билан танишадилар. Шунингдек, қуйидаги йўналишларда зарур тажриба орттирадилар:

1) фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишни, қонун устуворлигини таъминлашга йўналтирилган жамият ва давлат қурилиши соҳасида норма ижодкорлиги ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти соҳасида ягона давлат сиёсатини изчил амалга оширишда;

2) давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат тузилмаларининг норма ижодкорлиги фаолиятини тизимли таҳлил қилишни ташкиллаштириш, улар томонидан киритиладиган ёки қабул қилинадиган қонун ҳужжатлари лойиҳаларининг Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, қонун ҳужжатларига, мамлакатда олиб борилаётган ислоҳотларнинг мақсад ва вазифаларига, шунингдек қонунчилик техникаси қоидаларига мувофиқлигини аниқлаш юзасидан ҳар томонлама экспертизани амалга ошириш, амалдаги қонун ҳужжатларида “оқ доғлар”ни, шунингдек давлат ҳокимияти ва бошқаруви тизимида коррупциянинг келиб чиқишига, бошқа ҳуқуқбузарликлар содир этилишига шароит яратаётган қоидалар ва нормаларни аниқлашда;

3) Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, қонунлари ва халқаро шартномаларида мустаҳкамланган инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишни таъминлаш билан боғлиқ ҳолатларни ўрганади ҳамда фуқаролик жамияти институтларининг ҳар томонлама ривожланишини, уларни аҳолининг турли қатламлари ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилишда, мамлакатни демократик янгилаш ва модернизациялашда фаол иштирокини ҳуқуқий таъминлашга йўналтирилган чора-тадбирларни амалга оширишда бевосита қатнашадилар;

4) жамиятда аҳолининг ҳуқуқий онгини, ҳуқуқий маданиятни оширишга ва қонунийликни мустаҳкамлашга йўналтирилган давлат органлари, жамоат бирлашмаларининг ҳуқуқий тарғибот ва маърифат соҳасидаги ишларини самарали амалга оширишда;

5) тегишли давлат органлари билан биргаликда халқаро-ҳуқуқий муносабатлар соҳасида Ўзбекистон Республикаси манфаатларининг самарали ҳуқуқий ҳимоя қилинишини таъминлаш соҳасидаги ваколатларни таъминлаш борасида ва бошқа йўналишларда амалий кўникма ва билимга эга бўладилар.

Клуб аъзолари билан тизимли равишда адлия вазири, вазир ўринбосарлари, бошқарма бошлиқлари ҳамда вазирликнинг тажрибали мутахассислари ўртасида мулоқот учрашувлари ташкил этиб борилади. Мазкур клуб рамзий маънода бўлажак юристлар билан соҳани етук вакиллари ўртасидаги “мулоқот майдони”га айланди, деса муболаға бўлмайди.

Шу билан бирга, ўқишни мувофаққиятли битирган, ўзининг намунавий хулқи ва билими билан бошқаларга ўрнак бўлган, иш ўрганишга виждонан ёндашган клуб аъзолари Адлия вазирлиги ва таркибий бўлинмаларига ишга қабул қилинишда имтиёзга эга бўлишлари белгиланган.

Клубнинг эмблемаси (логотипи)