Ўзб Рус
Охирги янгиланиш : 22.09.2018



04:37:33 (GMT +5), Яш, 23 сен 2018

Адлия вазири: Ўзбекистон БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига аъзо бўлиш йўлида

Аҳамият беринг

Адлия вазири: Ўзбекистон БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига аъзо бўлиш йўлида

Адлия вазири: Ўзбекистон БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига аъзо бўлиш йўлида


Рўйхатга қайтиш Чоп этиш

Муаллиф : Адлия вазирлиги Ахборот хизмати

Адлия вазири: Ўзбекистон БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига аъзо бўлиш йўлида

2018 йил 26 февраль куни Женевада Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганининг 70 йиллигини нишонлаш доирасида ташкил этилган БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши 37-сессияси иш бошлади.

    Инсон ҳуқуқларини таъминлаш ва ҳимоя қилишнинг долзарб масалалари муҳокама қилинаётган сессиянинг олий даражадаги Сегментида 180 дан зиёд мамлакатдан 3 мингдан ортиқ вакил, жумладан, давлат ва ҳукумат, вазирликлар, шунингдек, қатор халқаро ташкилотлар раҳбарлари иштирок этмоқда.

Йиғилишнинг очилиш маросимида БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш, Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссар Зейд Раад ал Ҳусайн ва БМТ Бош Ассамблеяси 72-сессияси раиси Мирослав Лайчак сўзга чиқишиб, бутун дунёда инсон ҳуқуқларига риоя қилиш ва ушбу соҳада ҳамкорликни ривожлантириш зарурлигини қайд этишди.

Ушбу тадбирда Ўзбекистон номидан Адлия вазири Русланбек Давлетов, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ директори Акмал Саидов, Ташқи ишлар вазирлиги ва мамлакатимизнинг Женевадаги доимий ваколатхонаси ходимлари иштирок этмоқда.

Олий даражадаги Сегментда иштирок этар экан, Адлия вазири Р.Давлетов тадбир иштирокчиларини Ўзбекистонда фуқароларнинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар, Ўзбекистоннинг ушбу соҳада БМТ билан ҳамкорлигининг жорий ҳолати ва истиқболлари, шунингдек, 2017-2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегиясининг амалга оширилиши билан таништирди. Хусусан, халқаро аудиторияга Ўзбекистоннинг халқ билан мулоқотни ривожлантириш, мамлакатимизнинг турли бурчакларида фаолият юритувчи Халқ қабулхоналари орқали уларнинг шикоят ва мурожаатларини кўриб чиқиш, шунингдек, жойларда долзарб ижтимоий-иқтисодий муаммоларни комплекс равишда ҳал этиш бўйича ўзига хос тажрибаси етказилди.

Жиноятчиликка қарши курашишнинг бутунлай янгича, энг аввало, жиноятчиликнинг олдини олиш ва уни эрта аниқлашга йўналтирилган тизимини жорий этиш масаласи алоҳида таъкидланди. Суд-ҳуқуқ соҳаси ва жиноятни фош этиш тизимидаги ислоҳотлар, хусусан, Судьялар олий кенгашининг таъсис этилгани, янги иқтисодий ва маъмурий судларнинг тузилгани, юртимизда илк бор жорий этилган фуқароларни авф этиш, жиноятчиликда ноқонуний далил турларини қабул қилиш, айниқса жисмоний куч ишлатиш ва бошқа зўравонлик турларини қўллашга йўл қўймаслик бўйича талабларнинг амалга оширилишига доир дастлабки натижалар тақдим этилди.

Иқтисодиётни кенг кўламли либераллаштириш ва давлатимизнинг янгича бўлган очиқ молиявий, савдо, солиқ ва инвестициявий сиёсатини жорий этиш масаласи иштирокчилар эътиборини жалб этди.

Шунингдек, мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлаш сифатини янада яхшилаш, Ўзбекистоннинг соҳага оид халқаро ҳамкорлигини фаоллаштириш борасида олиб борилаётган изчил ишлар, халқаро ташкилотларнинг республикамизда амалга оширилаётган ислоҳотларга берган ижобий баҳосини ҳисобга олган ҳолда, юксак даражали Сегмент йиғилиши доирасида Ўзбекистон 2021-2023-йиллар мобайнида Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш аъзоси сифатида сайланиш истагини илк бор билдирди.

Ўзбекистон делегацияси томонидан тақдим этилган маълумотлар, жумладан, 2018 йилнинг ноябрь ойида Самарқандда бўлиб ўтадиган Инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форуми юксак даражали Сегмент учрашуви иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди.

Маълумот ўрнида: 2006 йил 15 мартда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши ташкил этилган.

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аксарият кўпчилик овози билан яширин овоз бериш йўли орқали 3 йил муддатга сайланадиган 47 давлатдан ташкил топган.

Кенгаш БМТ Бош Ассамблеяси органи мавқеида Женева шаҳрида жойлашган. БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий Комиссар бошқармаси котибияти сифатида хизмат қилади.

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар ҳамда ривожланишга бўлган ҳуқуқларга тенг эътибор қаратади.

Кенгаш инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ масалаларни муҳокама этиш форуми сифатида фаолият юритади. Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги мажбуриятларнинг бажарилиши бўйича давлатларга мулоқот асосида ёрдам кўрсатиш, техник кўмак тақдим этиш - Кенгаш фаолиятининг асосий йўналишларини ташкил этади. БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши БМТ Бош Ассамблеясига инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро ҳуқуқни янада ривожлантиришга оид тавсияларни киритади.

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзолиги БМТ га аъзо бўлган барча давлатлар учун очиқдир. Шунингдек, Бош Ассамблея Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш аъзолигига номзодларни танлашда “уларнинг инсон ҳуқуқлари ҳимояси ишига қўшган ҳиссаси ҳамда бу борадаги кўнгилли мажбуриятлари ва ваъдаларини қабул қилишига эътибор қаратиши” лозим.


Юксак даражали Cегмент

БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг март ойидаги сессияси Женевадаги муҳим сиёсий тадбир ҳисобланади. Унда инсон ҳуқуқлари ҳимоясига доир бугунги кундаги масалалар, бу борада халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, БМТ механизмлари ва тартибларини мустаҳкамлаш масалалари муҳокама этилади.

Сегментнинг йиллик мажлисларида турли давлат ва ҳукумат раҳбарлари, ташқи ишлар ва адлия вазирлари ҳамда халқаро ва минтақавий ташкилотлар раҳбарлари иштирок этади.