Ўзб Рус
Охирги янгиланиш : 23.04.2018



21:58:36 (GMT +5), Дш, 23 апр 2018

Адлия вазирлиги тарихида муҳим воқелик

Аҳамият беринг

Адлия вазирлиги тарихида муҳим воқелик

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги фаолиятида туб ўзгаришлар даври. Вазирлик тарихида муҳим тарихий ҳужжатлар қабул қилинди.


Рўйхатга қайтиш Чоп этиш

Муаллиф : Адлия вазирлиги Ахборот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги фаолиятида туб ўзгаришлар даври. Вазирлик тарихида муҳим тарихий ҳужжатлар қабул қилинди.

2018 йилнинг 13 апрель куни давлатимиз раҳбарининг “Давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга оширишда адлия органлари ва муассасалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ва “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги фаолиятини тубдан такомиллаштиришга доир ташкилий чора-тадбирлар тўғрисидаги”ги қарори қабул қилинди.

Мазкур ҳужжат 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга оширишда адлия органлари ва муассасалари фаолиятини тубдан такомиллаштиришга қаратилгандир.

Адлия органлари ҳужжатда назарда тутилган вазифалар ижросини таъминлашда, тизимда мавжуд камчиликларни бартараф этишда “Одилона қонунларни қабул қилиш, жамиятда қонунга ҳурмат руҳини қарор топтириш – демократик ҳуқуқий давлат қуришнинг гаровидир”, деган концептуал ғояни ҳаётга татбиқ этиш орқали ягона давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга оширади.

Муҳим воқелик дея эътироф этилаётган ҳужжат ўзида қатор янгиликларни қамраб олган.

Эндиликда “республика – вилоят – туман (шаҳар)” уч поғонали принципи бўйича вертикал бошқарувни жорий этган ҳолда туманлар (шаҳарлар)да адлия бўлимлари ташкил этилади. Бу билан бевосита жойлардаги ҳуқуқий муаммолар, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари уларнинг ҳақиқий эҳтиёжлари билан боғлиқ ҳолда таъминланиш даражасининг чуқур ўрганиш, жамиятдаги аниқ ҳуқуқий ҳолатдан келиб чиқиб манзилли ҳуқуқий тарғиботни амалга ошириш имконияти яратилди.

Адлия вазирлиги марказий аппарати тузилмасида бир қатор янги бошқармалар ташкил этилди. 

Жорий йилдан бошлаб, Адлия вазири давлат органлари ва ташкилотларининг норма ижодкорлиги фаолияти ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти ҳолати тўғрисида ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенатига ахборот тақдим этади.

2018 йил 1 майидан бошлаб эса норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг лойиҳалари Вазирлар Маҳкамасига, Ўзбекистон Республикаси Президенти девонига фақат ҳуқуқий экспертиза якуни бўйича уларни қабул қилишнинг мақсадга мувофиқлиги ҳақидаги Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг хулосаси мавжуд бўлгандагина киритилади.

Жорий йилнинг 1 июлидан бошлаб, фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш (ФҲДЁ) органларининг ҳуқуқни қўллаш амалиётини мувофиқлаштириш, фаолиятини методик таъминлаш, “ФҲДЁнинг ягона электрон архиви” ахборот тизимини юритиш, ФҲДЁнинг ҳудудий архивларига раҳбарлик бўйича вазифалар Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги зиммасига юклатилган ҳолда, ФҲДЁ органлари туманлар (шаҳарлар) ҳокимиятлари тасарруфига ўтказилади.

2019 йил 1 январдан эса мамлакатимиз ҳудудида 1993 йил 17 июнгача қабул қилинган ва Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтмаган умуммажбурий идоравий ҳужжатлар, шу жумладан собиқ СССРнинг идоравий ҳужжатлари ўз кучини йўқотади.

Адлия вазирлиги халқаро арбитражлар ва суд ишлари масалалари бўйича Ўзбекистон Республикасининг манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасида ваколатли давлат бошқаруви органи этиб белгиланди.

Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти ташкил этилмоқда. Институт қонунчиликни ва унинг тармоқларини ривожлантириш соҳасида илмий-амалий тадқиқотлар ўтказиш, ҳуқуқий муаммоларини ўрганиш, ижтимоий-иқтисодий соҳадаги муносабатларни ҳуқуқий тартибга солишнинг ривожлантириш йўналишларини аниқлаш, етакчи хорижий илмий-тадқиқот муассасалари билан ҳамкорликни амалга оширишга қаратилган вазифаларни бажаради.

Яна бир янгилик, яъни жойларда юридик коллежларга қабул қилиш ҳар бир ҳудуднинг “юриспруденция” йўналиши бўйича ўрта махсус, касб-ҳунар таълимга эга бўлган кадрларга бўлган эҳтиёжини инобатга олган ҳолда Адлия вазирлиги томонидан белгиланадиган квоталар бўйича танлов асосида амалга оширилади.

2020/2021 ўқув йилидан бошлаб юридик коллежлари битирувчилари ТДЮУга ҳудудий адлия органларининг йўлланмалари бўйича кириш тест синовларисиз якка тартибдаги суҳбат ўтказиш орқали кириш ҳуқуқига эга бўладилар.

2018/2019 ўқув йилидан эса ТДЮУ магистратурасига тўлов-контракт асосида талабаларни қабул қилиш квотаси 150 нафаргача оширилади. Мазкур ўқув йилидан бошлаб Тошкент давлат юридик университетининг магистратурасига қабул тест синовларсиз ўқитиш муддати давомийлиги бир йил бўлган ҳолда амалга оширилади.

Муҳим ўзгаришлардан бири, Педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тармоқ маркази негизида ТДЮУ ҳузурида Халқаро стандартлар бўйича юридик кадрларни касб-ҳунарга ўқитиш маркази тузилади. Олий маълумотга эга мутахассисларни юридик мутахассислик бўйича қайта тайёрлаш курсларини ташкил этиш марказ фаолиятининг асосий йўналишидир. Шу билан бирга, ўрта махсус, касб-ҳунар ва олий таълим муассасаларида ҳуқуқий фанлардан дарс берувчи педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш курслари ташкил этилади. Мазкур курсларни тугатган ва белгиланган намунадаги дипломни олган шахслар давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг юридик хизматларида ишлаш ҳуқуқига эга бўлади.

Мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг, шунингдек қабул қилинаётган қонун ҳужжатларининг мазмуни ва аҳамиятини аҳолига етказишга қаратилган материаллар тайёрлаш ва эфирга узатиш мақсадида “Madaniyat va ma’rifat” телерадиоканали” ДУК таркибида “Huquqiy axborot” телестудиясини ташкил этилади.

Бир сўз билан айтганда, ҳар иккала ҳужжатда белгиланган устувор йўналишлар адлия органлари ва муассасаларининг истиқболдаги фаолияти учун пойдевордир.