Ўзб Рус
Охирги янгиланиш : 22.04.2019



18:00:35 (GMT +5), Сш, 23 апр 2019

Якшанба куни ёздирилган ғайриқонуний ариза қимматга тушди

Аҳамият беринг

Якшанба куни ёздирилган ғайриқонуний ариза қимматга тушди

Бектемирлик Лола Рўзматова ишга тикланишида амалий ёрдам сўраб Бектемир тумани адлия бўлимига мурожаат қилган.


Рўйхатга қайтиш Чоп этиш

Муаллиф : Алишер ХАТАМОВ, Бектемир туман адлия бўлими бошлиғи

Туман адлия бўлими аралашгач...

Бектемирлик Лола Рўзматова ишга тикланишида амалий ёрдам сўраб Бектемир тумани адлия бўлимига мурожаат қилган.

Маълумки, ҳар бир шахс адолатли меҳнат шароитларида ишлаш ва қонунда кўрсатилган тартибда ишсизликдан ҳимояланиш ҳуқуқига эга эканлиги конституциявий ҳуқуқимиз саналади. Аммо баъзан ходимларнинг ҳуқуқлари иш берувчи томонидан кўр-кўрона топталаётганига гувоҳ бўлмоқдамиз. Хусусан, мурожаат эгаси Л.Рўзматова ҳам адолатсизликка учраган.

Аниқланишича, Бектемир тумани тиббиёт бирлашмаси бошлиғи ўринбосари лавозимида ишлаган Л.Рўзматова Соғлиқни сақлаш вазирлигида  бўлиб ўтадиган йиғилишга тиббиёт бирлашмаси раҳбарининг ўрнига “Дамас” русумли хизмат машинасида кетаётганида “Кобальт” русумли автомашинасининг айби билан Яшнобод тумани Мирзо Улуғбек ва Маҳтумқули кўчалари кесишган чорраҳасида тўқнашув содир бўлган. Натижада Л.Рўзматова тан жароҳати олиб, хушсиз аҳволда Травматология ва ортопедия илмий марказига олиб келинган.

Меҳнат қонунчилигида ҳар бир ходим иш билан боғлиқ ҳолда соғлиғига ёки мол-мулкига етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш ҳуқуқига эгадир, дейилган. Шунингдек, давлат меҳнат шартномасини ғайриқонуний равишда бекор қилишдан ҳимоялаши кафолатланган.

Жабрланувчи Бектемир ТТБ жарроҳи Ш.Беков томонидан кўрикдан ўтказилиб, шифокор тавсияси асосида унга меҳнатга лаёқатсизлик варақаси очилган ва тегишли журналда қайд этилган.

Бироқ Л.Рўзматовадан меҳнатга лаёқатсиз бўлган ҳолида у билан тузилган меҳнат шартномасини ўз хоҳиши билан бекор қилиш ҳақида ариза ёзиб бериши талаб этилиб, 2018 йил 20 май куни(якшанба) 4 кун аввалги кун билан мажбуран ариза ёздирилиб, 16.05.2018 йил санаси билан меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақида ноқонуний буйруқ чиқарилган.

Иш берувчи томонидан амалдаги қонунда кўрсатилган икки ҳафталик огоҳлантириш муддатига амал қилинмаган ҳолда Л.Рўзматова билан меҳнат шартномаси бекор қилинган.

Мазкур ноқонуний ҳолатни бартараф этиш мақсадида Бектемир туман адлия бўлими томонидан фуқаролик ишлари бўйича Миробод туманлараро судига даъво аризаси киритилди. Суд қарорига асосан Тошкент шаҳар Бектемир туман тиббиёт бирлашмасининг юқорида қайд қилинган меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақидаги буйруғи ғайриқонуний деб топилиб,  Лола Рўзматова яна аввалги лавозимига ишга тикланди.

Жавобгар Тошкент шаҳар Бектемир тумани тиббиёт бирлашмасидан  Л.Рўзматова фойдасига мажбурий прогул вақти учун 5.956.677,4 сўм миқдорида иш ҳақи, Л.Рўзматованинг соғлиғи шикастланишидан келиб чиққан қўшимча харажатлар учун 15.000.000 сўм ҳамда маънавий зарар учун 2.000.000 сўм — жами 22.956.677,4 сўм ундирилиши тўғрисида суд қарори чиқарилди.