Ўзб Рус
Охирги янгиланиш : 24.04.2019



15:58:45 (GMT +5), Чр, 24 апр 2019

Урбанизация жараёни - иқтисодиётнинг юксалиши ва ҳалқ фаровонлиги гаровидир

Аҳамият беринг

Урбанизация жараёни - иқтисодиётнинг юксалиши ва ҳалқ фаровонлиги гаровидир

Инсоният мисли кўрилмаган суръатларда урбанизация жараёни томон ҳаракатланмоқда. 


Инсоният мисли кўрилмаган суръатларда урбанизация жараёни томон ҳаракатланмоқда. Бундай интилиш, биринчи навбатда, техника ривожланган сари қишлоқ хўжалиги тармоғи борган сари камроқ меҳнат талаб қилаётгани, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаларининг шаҳарларда жамланиши билан боғлиқ.

Урбанизация деганда шаҳарлар ролининг ортиши, қишлоқ аҳолисининг шаҳарларга кўчиши (миграцияси), қишлоқ аҳоли пунктларини шаҳарчаларга айлантирилиши, шаҳар маданияти ва жамиятни ривожланиши, илм-фан, саноат, иқтисодиётни ривожланиши, қишлоқ жойларидаги ишсизликни камайиши ҳамда аҳоли турмуши ва фаровонлигини оширишга қаратилган узлуксиз жараён тушунилади.

Тадқиқотларга кўра, 2050 йилга келиб дунёда ҳар ўн нафар одамдан еттитаси шаҳарда яшаши тахмин қилинмоқда. Статистикага асосан, бугунги кунга келиб Ўзбекистон шаҳарларида аҳолининг 50,6 фоизи истиқомат қилиб, мазкур урбанизация кўрсаткичи келажакда пасайиш эҳтимоли ҳам бор. Бирлашган миллатлар ташкилотининг иқтисодий ва ижтимоий масалалар бўйича Департаменти томонидан эълон қилинадиган дунё мамлакатларининг урбанизация даражаси кўрсаткичи бўйича рейтингда 218 дунё мамлакатлари орасида Ўзбекистон 147 ўринни эгаллайди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 10 январдаги “Урбанизация жараёнларини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони мамлакатимиздаги жадал демографик ўсиш жараёни билан бевосита боғлиқ бўлиб, мамлакатда урбанизация жараёнларининг асосий йўналишларини белгилаб берди.

Албатта, қишлоқ аҳолисининг шаҳарларга кўчиши учун давлат биринчи навбатда асосий яшаш шароитларини – уй-жой, ичимлик суви, электр энергияси, жамоат транспорти ва бошқа зарур қулайликларни яратиши керак бўлади. Шу боис, Фармонда мамлакатда урбанизация жараёнларининг биринчи йўналиши сифатида – мутлақо янги уй-жой сиёсатини амалга ошириш, шу жумладан, кам ва ўрта даромадли оилалар учун арзонлаштирилган турар жойларни қуришга йўналтирилган инвестицияларни қўллаб-қувватлаш белгиланди.

Бундан ташқари, Фармонда жисмоний ва юридик шахслар учун турар-жой ва нотурар жой бино ва иншоотлар остидаги ер участкаларига эгалик қилиш ҳуқуқи кафолатлари белгилаб берилмоқда. Унга кўра, 2019 йил
1 июлдан бошлаб:

Ўзбекистон Республикаси резидентлари бўлган юридик шахсларга мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган ёки улар томонидан хусусийлаштирилаётган бино ва иншоотлар, саноат инфратузилмаси объектлари жойлашган ер участкаларини, шунингдек, уларга туташ ҳудудлардаги ишлаб чиқариш фаолиятини амалга ошириш учун зарур миқдордаги ер участкаларини хусусийлаштириш ҳуқуқи;

Ўзбекистон Республикаси фуқароларига уларга якка тартибда уй-жой қуриш ва турар жойга хизмат кўрсатиш учун ажратилган ер участкаларини хусусийлаштириш ҳуқуқи берилмоқда.

Ер участкаларини хусусийлаштириш жисмоний ва юридик шахсларнинг аризалари асосида маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарори билан амалга оширилади. Таъкидлаш жоизки, ер участкаларини хусусийлаштириш фақатгина кадастр ҳужжатлари мавжуд бўлган ҳолда ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган миқдорларда пуллик асосда амалга оширилади.

Ер участкаларини хусусийлаштиришдан тушадиган маблағлар Урбанизацияни ривожлантириш жамғармаси томонидан янги шаҳарларнинг бош режалари лойиҳаларини ишлаб чиқиш, шунингдек, улар учун зарур бўлган муҳандислик, транспорт ва ижтимоий инфратузилма объектлари қурилишини молиялаштиришга сарфланади.

Ер участкаларини хусусийлаштириш фуқаролар ва корхоналарга нима беради деган савол туғилиши табиий. Эндиликда, ер участкалари фуқаролик муомаласи объектлари ҳисобланади, яъни фуқаролар ва юридик шахслар ўртасида шартнома асосида олди-сотди қилиниши мумкин. Энг муҳими, жисмоний ва юридик шахслар томонидан хусусийлаштирилган ер участкалари хусусий мулк деб тан олинади ва унинг дахлсизлиги давлат томонидан муҳофаза қилинади. Бу ўз навбатида ерга бўлган муносабатни тубдан ўзгаришига, унга нисбатан фуқароларда манфаатдорлик ҳиссини ортишига, ердан самарали фойдаланишга, шунингдек миллий иқтисодиётимизга инвестициялар оқимининг кўпайишига олиб келади.

Фармоннинг яна бир муҳим жиҳати, охирги йилларда қишлоқ жойларда яшаётган аҳолининг шаҳарларга кўчишига бўлган маъмурий тўсиқларни бартараф этишга қаратилганлигидадир. Фармонда, аҳолининг қишлоқ жойларидан шаҳарларга эркин ҳаракатланиши учун шарт-шароитлар яратиш устувор йўналишлардан бири сифатида белгиланди. Бу ўз навбатида, Конституциямизда белгиланган Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг республика ҳудудида бир жойдан иккинчи жойга кўчиш билан боғлиқ ҳуқуқ ва эркинлигини таъминлашга хизмат қилади.

Фармон билан Урбанизация жараёнларини тартибга солиш ва бу соҳада ягона давлат сиёсатини амалга ошириш мақсадида махсус давлат органи - Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳузурида Урбанизация агентлиги ташкил этилди ва унинг асосий вазифалари белгилаб берилди.

Ўзбекистон дунёда демографик жиҳатдан ёш бўлган салоҳиятли давлатлардан бири ҳисобланади. Шу боис, бир сўз билан айтганда, Фармон тарихий аҳамиятга эга бўлган ҳужжат ҳисобланиб, унда назарда тутилган масалалар аҳоли ва юрт фаровонлигини ошириш, ерга нисбатан мулк ҳуқуқи бериш ва унинг кафолатларини яратиш, иқтисодиётни ривожлантириш ва Ўзбекистонни ривожланган давлатлар қаторига кириши йўлидаги муҳим қадам ҳисобланади.