Ўзб Рус
Охирги янгиланиш : 24.04.2019



16:01:29 (GMT +5), Чр, 24 апр 2019

Республикамизда норма ижодкорлиги жараёнига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш

Республикамизда норма ижодкорлиги жараёнига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш

Жорий йилнинг 8 апрелида Вазирлар Маҳкамасининг “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва келишишнинг ягона электрон тизимини жорий этишнинг ташкилий чора-тадбирлари тўғрисида” қарори қабул қилинди.


Рўйхатга қайтиш Чоп этиш

Муаллиф : Адлия вазирлигининг Қонун ҳужжатларини таҳлил қилиш ва туркумлаш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Нодир Усманов

Жорий йилнинг 8 апрелида Вазирлар Маҳкамасининг “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва келишишнинг ягона электрон тизимини жорий этишнинг ташкилий чора-тадбирлари тўғрисида” қарори қабул қилинди.

Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида” 2018 йил 8 августдаги ПФ–5505-сон Фармони ижросини таъминлаш мақсадида қабул қилинган бўлиб, норма ижодкорлиги фаолиятини электрон муҳитга ўтказишда амалий қадам ҳисобланади.

Қарор қабул қилинишидан аввал Адлия вазирлиги ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва келишишнинг ягона электрон тизими ишлаб чиқилиб, интернет тармоғининг project.gov.uz манзилида Ўзбекистон Республикаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси бўйича порталга интеграциялашган ҳолда жойлаштирилди.

Ягона электрон тизим орқали қонун ҳужжатлари лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва келишиш жараёнида эскирган, қоғозбозлик ва бюрократик тартиблардан воз кечиш ҳамда уни тўлиқлигича электрон шаклга ўтказилиши назарда тутилган.

Айни пайтда қонун ҳужжатлари лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва келишиш амалиётида қуйидаги бир қатор муаммолар мавжуд:

– ишлаб чиқилган лойиҳани ҳар бир манфаатдор вазирлик, идора ва бошқа ташкилотга юбориш учун қоғозда чоп этиш ҳамда почта орқали ёки қўлига етказиб бериш;

– келишилган (виза қўйилган) лойиҳа нусхаларининг кўпайиши оқибатида чалкашликлар ва тушунмовчиликлар юзага келиши;

– вақт асосан лойиҳани ҳар томонлама ва сифатли тайёрлаш учун эмас, балки тегишли ташкилотлар келишишга сарфланмоқда;

– келишиш жараёнида ҳар бир ташкилотнинг масъул ижрочисини қидириш, етказиб бериш ва уларни имзоланишини кутиш;

– давлат органлари томонидан мазкур ишларга ҳаддан зиёд вақт ва меҳнат ресурсларининг сарфланиши.

Ривожланган хорижий мамлакатларнинг давлат бошқаруви органлари фаолиятига электрон ҳужжат айланиш тизимлари жорий қилинган бўлиб идоралараро ҳамкорлик ушбу тизимлар орқали амалга оширилади. Шунингдек, МДҲ давлатларида (Россия, Беларусь, Қозоғистон) қонун ҳужжатларини (ХДФУ ва махфий ҳужжатлардан ташқари) ишлаб чиқиш ва келишиш электрон ҳужжат айланиш тизимлари орқали амалга оширилиши йўлга қўйилган.

Юқорида санаб ўтилган муаммоларни ҳал қилиш ҳамда норма ижодкорлиги жараёнига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этишга қаратилган Ягона электрон тизим қуйидаги имконият ва қулайликларга эга:

лойиҳаларни электрон ҳужжат сифатида шакллантириш, бир вақтнинг ўзида ва бир сонияда барча манфаатдор ташкилотлар билан келишиш ҳамда жамоатчилик ва касбий доирада муҳокама қилиш учун юборилади, уларга электрон рақамли имзони (виза) қўйиш ёрдамида келишилади
ва Ҳукуматга киритилади;

лойиҳа бўйича амалга оширилган ҳар бир ҳаракат автоматик равишда протоколлаштирилади, юбориш ва қабул қилиш саналари қайд қилинади, фикр-мулоҳазалар ва эътирозлар сақланиб қолинади;

электрон рақамли имзонинг ҳақиқийлиги ва долзарблиги кафолатланади;

республикамизда ишлаб чиқилган қонун ҳужжатлари лойиҳалари базаси шакллантирилади ва ундан фойдаланиш имконияти яратилади;

жараён реал вақт режимида бошқарилади, мониторинг ва назорат қилинади.

вақт ва меҳнат ресурслари тубдан тежалади.

Ягона электрон тизимни жорий этиш ишлари босқичма-босқич амалга оширилади:

2019 йил 1 майдан 1 июлга қадар (синов тариқасида) –лойиҳаларни (қонунлар, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукуматининг ҳужжатлари) ишлаб чиқиш ва келишиш ҳамда уларни Вазирлар Маҳкамасига киритиш қоғоз кўринишида ёхуд Ягона электрон тизим орқали электрон кўринишда амалга оширилади. Бу босқичда ишлаб чиқувчида келишиш ва киритиш усулини танлаш имконияти мавжуд;

2019 йил 1 июлдан 1 октябрга қадар – ишлаб чиқилган ва келишилган  лойиҳалар Вазирлар Маҳкамасига белгиланган тартибда устувор равишда Ягона электрон тизим орқали электрон кўринишда киритилади;

2019 йил 1 октябрдан бошлаб ва кейинги даврда – лойиҳалар Вазирлар Маҳкамаси ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига фақат Ягона электрон тизим орқали электрон кўринишда киритилади.

Шунингдек, қарорда Ягона электрон тизимдан фойдаланиш доирасида давлат органларининг асосий вазифалари қуйидагича тақсимланган:

Адлия вазирлиги – тизимдан амалий фойдаланишни таъминлайди, услубий раҳбарлик қилади, жараённи доимий мониторинг қилади,  унинг функционал имкониятларини кенгайтирилишини таъминлайди;

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги – тизимнинг сифатли ва узлуксиз фаолият кўрсатишини ҳамда техник қўллаб-қувватлаш ишлари ва ахборот хавфсизлигини таъминлайди;

бошқа давлат органлари ва ташкилотлар (фойдаланувчилар) –  ўзларининг норма ижодкорлиги фаолиятини электрон муҳитга тўлақонли ўтказади, лойиҳаларни ишлаб чиқиш, келишиш ва киритиш бўйича ўрнатилган тартиб ва муддатларга қатъий амал қилади.

Давлат солиқ қўмитаси келишиш (виза қўйиш)да фойдаланиладиган электрон рақамли имзоларни тезкор тақдим этиш, шунингдек, узлуксиз фаолият кўрсатишини таъминлайди.

Ягона электрон тизимдан фойдаланиш талаблари:

ташкилот раҳбарлари ва ходимлари Идентификациялашнинг ягона тизимидан рўйхатдан ўтган бўлиши;

ташкилот раҳбарлари электрон рақамли имзога эга бўлиши ва уларнинг хавфсизлигини таъминлаш;

фойдаланувчилар бутунжаҳон Интернет ахборот тармоғига уланган бўлиши;

лойиҳаларни қабул қилиш, ижрога қаратиш ва ижросини назорат қилиш учун ягона масъул бўлинмани белгилаш;

ходимларнинг Ягона электрон тизимдан фойдаланиш кўникмаларини шакллантириш;

лойиҳаларни қоғоз шаклида ишлаб чиқиш, келишиш ҳамда кўриб чиқишга қабул қилиб олишни тўхтатиш.

Хулоса қилиб айтганда, Ягона электрон тизимни жорий этилиши республикамизда норма ижодкорлиги жараёнини унинг самардорлиги, шаффофлиги ва сифатини таъминлайдиган мазмунан янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.